Бугун Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг Васийлик Кенгаши раиси Нозима Давлетова Бухоро шаҳридаги тергов изоляторида жорий йилнинг 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан очилган жиноят иши бўйича судланган журналист Лолагул Каллиханова билан учрашди. Учрашув Қорақалпоғистон воқеаларини ўрганиш бўйича тузилган Мустақил Комиссия кўмагида ташкил этилди.
Умумий муҳитга қарамай, суҳбат очиқ ва самимий бўлди. Журналист қандай шароитда эканлиги, суд мажлислари қандай ўтаётгани ҳақида, оила ва шахсий масалаларда гаплашилди.
Лолагул соғлиғи юзасидан ва ҳибсдаги шароитдан шикояти йўқлигини, унга нисбатан ҳеч қандай ноқонуний хатти-ҳаракат бўлмаётганини, барча тергов ҳаракатлари қонунга мувофиқ ва ҳимоя ҳуқуқи таъминланган ҳолда амалга оширилганини айтиб ўтди.
Суҳбат пайти Лолагул мамлакатимизда бутун журналистлар ҳамжамиятининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш зарурлигини, улар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ англаши муҳимлигини, бу эса, ўз навбатида, журналистларнинг ҳимояланганлик даражасини оширишини гапирди.
Нозима Давлетова вазиятнинг мураккаблигини инобатга олиб, Масс-медиа фонди Каллиханованинг оиласига ёрдам беришга, қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади. Аёл киши учун бундай ҳолатда бўлиш оғир, оила аъзолари ҳам кўпинча ижтимоий босим остида қолади.
Миллий масс-медиани
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди мамлакатда сўз эркинлигини мустаҳкамлаш принципларига таянади ҳамда Ўзбекистонда медиа вакилларининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича, жумладан, халқаро ташкилотлар ва хорижий ҳамкорлар билан биргаликда, ишни давом эттиришни режалаштирган.